Мухтасар тафсир
وَٱصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ ٱلَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِٱلْغَدَوٰةِ وَٱلْعَشِىِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُۥ ۖ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ ٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا ۖ وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُۥ عَن ذِكْرِنَا وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ وَكَانَ أَمْرُهُۥ فُرُطًا ﴿٢٨﴾
Парвардигорларига Унинг Юзини истаб, кечаю кундуз ихлос билан ибодат ва дуо қиладиган зотлар билан бирга бўлишда матонатли бўлинг. Дунё ҳаётининг зеб-зийнатига учиб, бойлар ва обрўлиларга яқин бўлишни истаб, улардан кўзларингизни бурманг. Шундай кимсалар борки, Биз уларнинг қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб, муҳрлаб қўйганмиз. Улар сизга камбағалларни олдингиздан қувишни буюрадилар. Улар Парвардигорларига эмас, ҳавойи-нафсларига эргашадилар ва уларнинг иши ҳамма нарсани зое қилишдир. Сиз уларга итоат этманг.