×
البقرةОят 220

Мухтасар тафсир

فِى ٱلدُّنْيَا وَٱلْـَٔاخِرَةِ ۗ وَيَسْـَٔلُونَكَ عَنِ ٱلْيَتَـٰمَىٰ ۖ قُلْ إِصْلَاحٌ لَّهُمْ خَيْرٌ ۖ وَإِن تُخَالِطُوهُمْ فَإِخْوَٰنُكُمْ ۚ وَٱللَّهُ يَعْلَمُ ٱلْمُفْسِدَ مِنَ ٱلْمُصْلِحِ ۚ وَلَوْ شَآءَ ٱللَّهُ لَأَعْنَتَكُمْ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ ﴿٢٢٠﴾

Бу иш дунё ва охиратингизга фойдали бўлган ишлар ҳақида фикр юритишингиз учун шариат қилинди. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сиздан саҳобаларингиз етимларга қандай ҳомийлик қилиш, улар билан қандай муомалада бўлиш, кундалик сарф-харажатларда уларнинг пуллари билан ўзларининг пулларини аралаштириб юборишлари ҳақида сўрайдилар. Айтингки, фазлу марҳамат кўрсатиб, етимларнинг мол-давлатига қўл теккизмасдан уларни ўз қарамоғингизга олсангиз, ўзингиз учун яхши бўлади. Лекин агар озиқ-овқат, турар-жой каби кундалик сарф-харажатларда уларнинг молини ўзингизнинг молингизга аралаштириб юборсангиз ҳам зарари йўқ. Чунки улар диний биродарларингиз. Биродарлар бир-бирларига ёрдам бериб, бирининг ишини бошқаси қилиб кетаверади. Энди шу мол-давлатларини аралаштириш билан ҳомийлардан қайси бири бузғунчиликни ва қайси бири ислоҳ қилишни истаётганини Аллоҳ билиб туради. Агар Аллоҳ шу етимлар ишида сизларга оғир қилишни истаганида шундай қилган бўларди. Лекин ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ сизларга етимлар билан муомала қилиш йўлларини осон, енгил қилди. Зеро, Аллоҳнинг шариати енгиллик асосига барпо бўлгандир. Аллоҳ Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб бўла олмас. Аллоҳ яратишида ҳам, тадбир қилишида ҳам, шариатлаштиришида ҳам ҳар бир ишни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.