Мухтасар тафсир
لَا يُكَلِّفُ ٱللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۚ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا ٱكْتَسَبَتْ ۗ رَبَّنَا لَا تُؤَاخِذْنَآ إِن نَّسِينَآ أَوْ أَخْطَأْنَا ۚ رَبَّنَا وَلَا تَحْمِلْ عَلَيْنَآ إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُۥ عَلَى ٱلَّذِينَ مِن قَبْلِنَا ۚ رَبَّنَا وَلَا تُحَمِّلْنَا مَا لَا طَاقَةَ لَنَا بِهِۦ ۖ وَٱعْفُ عَنَّا وَٱغْفِرْ لَنَا وَٱرْحَمْنَآ ۚ أَنتَ مَوْلَىٰنَا فَٱنصُرْنَا عَلَى ٱلْقَوْمِ ٱلْكَـٰفِرِينَ ﴿٢٨٦﴾
Аллоҳ ҳеч кимга тоқати етмайдиган ишларни юкламайди. Зеро, Аллоҳнинг дини осонлик, қулайлик асосига қурилган. Унда ҳеч қандай машаққат йўқ. Ким яхши иш қилса, ўшанга яраша савобини олади. Савоби заррача камайиб қолмайди. Ким ёмон иш қилса, унга ҳам ўшанга яраша гуноҳ ёзилади. Унинг гуноҳини ҳам бошқа биров бўйнига олмайди. Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар шундай дедилар: "Парвардигоро, бирон сўзимиз ё амалимизда беихтиёр хато қилиб ё унутиб қўйсак, бизни азобламагин. Парвардигоро, олдинги ўтганларга юклаганинг каби бизга кучимиз етмайдиган ишларни юкламагин. Ўшанда уларни - яҳудларни қилган зулмлари туфайли азоблагандинг. Бизга оғирлик қиладиган, тоқатимиз кўтаролмайдиган буйруқ ва тақиқларни бўйнимизга қўймагин. Гуноҳларимизни кечиргин, бизни мағфират қилгин, фазлинг ила бизга раҳм этгин. Сен бизнинг хожамиз ва мададкоримизсан. Бизни кофирлар устидан ғолиб айлагин.