Мухтасар тафсир
أَمْ يَقُولُونَ ٱفْتَرَىٰ عَلَى ٱللَّهِ كَذِبًا ۖ فَإِن يَشَإِ ٱللَّهُ يَخْتِمْ عَلَىٰ قَلْبِكَ ۗ وَيَمْحُ ٱللَّهُ ٱلْبَـٰطِلَ وَيُحِقُّ ٱلْحَقَّ بِكَلِمَـٰتِهِۦٓ ۚ إِنَّهُۥ عَلِيمٌۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ ﴿٢٤﴾
Мушриклар Қуръонни Муҳаммад алайҳиссалом ўзи тўқиб чиқариб, уни Аллоҳ айтган дейди, деб ўйлайдилар. Аллоҳ уларга раддия билдириб: "Агар сиз ёлғон тўқийдиган одам бўлганингизда қалбингизни муҳрлаб қўйган ҳамда тўқилган ботилни маҳв айлаб, ҳақни юзага чиқарган бўлардим", дейди. Модомики, иш шундай бўлмабдими, демак, шунинг ўзи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақ эканига, Қуръон Аллоҳ тарафидан нозил қилинганига етарли далилдир. Аллоҳ бандаларининг қалбларида нима борлигини ҳам биладиган Зотдир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас.