Мухтасар тафсир
ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِّعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَىٰ قَوْمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُوا۟ مَا بِأَنفُسِهِمْ ۙ وَأَنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ ﴿٥٣﴾
Хўш, бу қаттиқ азоб нима сабабдан келди? Гап шундаки, Аллоҳ бир қавмга бир неъматни беради. Қавм унинг шукрини бажо келтириб, иймон-эътиқодида барқарор турса, ундан неъмат кетмайди. Лекин агар ўзидан кетиб, куфру исён сари қадам босса, Аллоҳ ундан неъматни олиб қўяди. Аллоҳ бандаларининг айтган гапларини эшитиб, қилган амалларини кўриб-билиб тургувчи Зотдир. Бирон нарса, бирон иш У Зотдан яширин эмас.