Мухтасар тафсир
إِنَّمَا ٱلنَّسِىٓءُ زِيَادَةٌ فِى ٱلْكُفْرِ ۖ يُضَلُّ بِهِ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ يُحِلُّونَهُۥ عَامًا وَيُحَرِّمُونَهُۥ عَامًا لِّيُوَاطِـُٔوا۟ عِدَّةَ مَا حَرَّمَ ٱللَّهُ فَيُحِلُّوا۟ مَا حَرَّمَ ٱللَّهُ ۚ زُيِّنَ لَهُمْ سُوٓءُ أَعْمَـٰلِهِمْ ۗ وَٱللَّهُ لَا يَهْدِى ٱلْقَوْمَ ٱلْكَـٰفِرِينَ ﴿٣٧﴾
Жоҳилиятдаги араблар каби уруш ҳаром қилинган ойларни кечга суриб, уларнинг ўрнига бошқа ойларни шаҳрул-ҳаромга айлантириш куфрни янада зиёдалаштиришдан ўзга нарса эмас. Зеро, бу ишда ҳаромни ҳалол қилишга ҳалолни ҳаром қилиш ҳам қўшиляпти. У туфайли шайтон кофирларни йўлдан оздиради. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойлар сонига тўғри келиши учун шаҳрул-ҳаромни бир йил ҳаромлигича қолдирсалар, яна бир йил ҳалол қилиб олиб, ўрнига бошқа ойни ҳаром қилиб оладилар. Шу билан Аллоҳ ҳаром қилган ишни ҳалолга айлантирадилар. Шайтон уларга бу ёмон ишларини чиройли қилиб кўрсатди. Унга алданиб, "насий", яъни, кечга суриш деган гапни ўйлаб топдилар. Аллоҳ куфрида қотиб туриб оладиган кофирларга тавфиқ бермас.