Алоуддин Мансур — 21
2:135 Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни, яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди). (Айтинг: Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), балки биз ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим миллатига — динига эргашамиз.
2:136 Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз У зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз.
2:137 Энди агар улар (яъни, аҳли китоблар) сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Агар юз ўгирсалар, у ҳолда, шубҳасиз, сизларга нисбатан гина ва адоватлари бордир. Уларнинг ёмонлигидан сизга (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. У эшитгувчи, билгувчидир.
2:138 Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар Унгагина ибодат қилгувчилармиз.[18]
2:139 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг, бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизми? Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат Унгагина ихлос қўювчилармиз.
2:140 Ёки «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлод яҳудий ё насроний бўлган», дейсизми? (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Уларнинг динларини сизлар яхшироқ биласизми ёки Аллоҳми? Аллоҳ томонидан бўлган гувоҳликни яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмас».[19]
2:141 Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.